Bolaga laqab qo’yish / Болага лақаб қўйиш

Bolaga laqab qo’yish / Болага лақаб қўйиш

      Бақироқ, эркатой, бақалоқ, қизғанчиқ, қоравой, йиғлоқи, ўжар, ақлсиз, думбул, эринчоқ, қўрқоқ (хоҳласангиз давом эттиринг) ва хоказолар фарзандларимизга кичиклигидан қўйилган “номлардир”. Боланинг бирор бир қилиғидан келиб чиқиб ота – онаси ёки атрофдагилар болага осонгина “ТАМҒА” босиб қўяди.
Бола кичиклигида бу тамғасига ўрганиб олиб унга мос келишга интилади. Бу тамға билан яшаш ўсаётган бола психикаси учун қийин. У тамғаси борлиги учун камроқ бақиришдан кўра, (агар лақаби “Бақироқ” бўлса) бақирганида ўзини тамғаси орқали оқлаб олади. “Қоравой” “ном”ига эга бўлган бола ўзининг қора эканлигидан бутун умр азият чекади. “Ўжар” эса тамғам шу экан деб ўжарлигини қилаверади. Болага тамға шунчалик ўрнашиб оладики у ўзгаришга ҳатто интилмайди ҳам.
Бундай вазиятда ҳеч қачон боланинг олдида ҳам, орқасидан ҳам уни бирор “ном” билан атаманг. Бола йиллар ўтиб ўзгаради, “ақлсиз” бола аълочи бўлиши ҳам мумкин, “эркатой” қуйилиб қолиши мумкин, лекин ижобий ўзгаришлари ана ўша босилган тамға туфайли атрофдагиларга энди кўринмайди. Улар учун умрбод “эринчоқ”, “қизғанчиқ” бўлиб қолаверади. Бу бола юзта ижобий фазилат кўрсатиб, биргина салбий тамғасига оид фазилат кўрсатса АНА! ЎЗИ ДОИМ ШУНДАЙ ЭДИ! Дейилади ва яна тамғаси кўрсатиб қўйилади. Охири бола чарчаб тамғасига мос бўлишни афзал кўради. “Бўрини еса ҳам емаса ҳам оғзи қон”.

ҚИЗИНГИЗГА “ТАМҒА” БОСМАНГ!

        Қиз болаларни эса, уларнинг ташқи кўринишига оид тамғалардан эҳтиёт қилинг. Бақалоқ, қора қиз, сап – сариқ, озғин, пахмоқ соч каби номлар ҳеч бир қизга ярашмайди. Қиз боланинг кўнгли нозик ахир. Ота – онасининг у ҳақида айтган гапи унинг учун энг катта ҳақиқатдир. Йиллар ўтиб, 16 ёшлик қизингиз ўзига ишонмайдиган, қўрқоқ, одамови бўлиб ўсганида, сиз унга “Уялма, сен жуда чиройли қизсан, қаддингни тик тут” деганиннгиз билан энди у сиз бериб қўйган, миясига сингиб кетган тамғасига кўпроқ ишонади.
Болани қилиғига баҳо беринг, лекин ўзига эмас. Дарс қилишга эринса “эринчоқ” деманг. Дарс қилишга эринма денг. Қизингизнинг юзи қорароқ бўлса “қоравой” деманг. Хеч ким билан солиштирманг. Ака – ука бир – биридан фарқ қилиб бири дарсини чаққонлик билан қилса, иккинчиси дангасалик қилётган бўлса, шошиб бириги “ақллигим”, иккинчисига “эринчоқ” деманг. Ахир уч – тўрт йилдан сўнг нима бўлишини билмайсизку. Шунчаки бирини иккинчистга намуна қилинг. Сен ҳам шундай қила оласан деб қаноатлантиринг, лекин тамғаси бўлмасин.
Боланинг психологик ҳолатига кичиклигида қанчалик кўп эътибор берсангиз, катта бўлганида ўзидан мамнун бахтиёр бола кўришингиз шунчалик осон бўлади.