Do’konchi va haridor (hikoya)

Do’konchi va haridor (hikoya)

Бир одам йўлда кетаркан, деҳқонга дуч келибди ва салом берибди:
— Ассалому алайкум!
— Ваалайкум ассалом! Йўл бўлсин, биродар?
— Сигиримга ем олмоқчиман, шу тарафда бир баққол бор экан, шунинг дўконига кетяпман.
— Шунақами… ундай бўлса, эҳтиёт бўл, алданиб қолма!
— Мени ҳеч ким алдай олмайди!
— Мен айтдим-қўйдим-да…

У одам баққолнинг дўконига етиб келибди. Салом-аликдан сўнг, емнинг нархини сўрабди. «Фалон нарх», — дебди баққол.
— Яхши, менга ўн кило берсангиз.
Баққол ўтирган жойидан қўзғалмабди. Қўли билан дўконнинг орқа томонига эринибгина ишора қилиб:
-Ўша ёққа ўтиб, емдан керагини олгин-да, менга пулини тўлаб кетавер. Ем тўкиб қўйилган жойда тарози ҳам бор, — дебди.

Харидор кўрсатилган тарафга ўтиб, халтасини тарозига қўйиб, ем сола бошлабди, ўн кило бўлгандан кейин қараса, атрофда ҳеч ким йўқ, баққол ўтирган жойдан бу тараф кўринмайди ҳам. Одам халтасига тўрт-беш кило ортиқча ем солибди ва баққолга ўн кило ем учун пул тўлаб, уни алдабди. Чиқиб, ўз йўлига кетибди. Йўлда яна бояги деҳқонни учратибди.
— Ем олдингми? – сўрабди деҳқон.
— Ҳа олдим. Сиз алданиб қолма, дегандингиз. Баққолингиз алдашни эплайдиган одам эмас-ку, бир жойда мудраб ўтирибди. Қайтага мен уни бопладим, тўрт-беш кило ортиқча ем олдим, сезгани ҳам йўқ…

Деҳқон бу одамнинг юзига ачиниш билан боқиб, бошини сарак-сарак қилибди:
-Мен сенга айтгандим-а, алданиб қолишдан эҳтиёт бўл, дегандим-а! Афсус…
Аслида сен алдандинг! Арзимаган 4-5кило ем учун хайр-баракангни қўлдан бой бердинг, баққолнинг гуноҳларини ўз елкангга олиб, дўзахни ўзингга тайин қилиб қўйдинг!

ХУЛОСА: Бугун Сизни кимдир алдаган бўлса, куюнманг, ғам чекманг, зотан бугун Сизнинг эмас, алдаган кимсанинг алданиш куни бўлибди.