Osteoxondroz qanday kasallik

Остеохондроз қандай касаллик.

Остеохондроз – умуртқа поғонасикасаллигидир. Халқ тилида уни бўғимлар орасига туз йиғилиши касаллиги деб ҳам аташади. Биз кўпинча бел-думғаза ва бўйин умуртқалари остеохондрози, деган ташхисларни кўп учратамиз.

Сабаблари нима?

Остеохондроз, асосан, 40 ёшдан ошганларда кўп учрайди. Одам қариган сайин остеохондроз билан касалланиш кўпайиб бораверади. Бироқ оғир жисмоний меҳнат қиладиганлар ва умуртқа поғонаси жарохатларида бу касаллик ёш танламайди. Жисмоний машқлар ва спорт билан умуман шуғулланмайдиганлар ҳам остеохондрозга мойил бўлишади.

Белгилари қандай?

Остеохондроз, кўпинча, оғриқлар билан намоён бўлади. Бел-думғаза соҳаси остеохондрозида белда ўтирганда-турганда ҳам оғриқ пайдо бўлаверади, улар санчувчи, куйдирувчи ва ачиштирувчи хусусиятга эга бўлади. Ушбу оғриқлар оёқнинг орқа-ён юзаси бўйлаб тарқалади. Баъзи беморларнинг бели қийшайиб қолади.
Бўйин умуртқалари остеохондрозида оғриқлар бўйин-енса соҳасида пайдо бўлиб, елка ва қўлларга тарқайди. Бемор бўйнини турли томонларга бурганда, елкаси ёки қўлларини кўтарганда оғриқлар пайдо бўлади ёки кучаяди. Бўйин умуртқалари остеохондрози кучлироқ намоён бўлса, бош мия томон йўналган қон томирлар эзилиб бош айланишлар ва чайқалиб юришларни юзага келтириши мумкин.
Остеохондроз диск чуррасига олиб келадими, деб сўрашади. Умуман олганда диск чуррасининг асосий сабабчиси – бу остеохондроз. Бироқ негадир оддий остеохондрозни диск чурраси деб даволаш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бундай ташхислардан аксарият беморлар хавотирга тушмоқда, баъзилари эса операция йўлини танлашмоқда. Белдаги оддий радикулит ёки остеохондроз сабабли пайдо бўлган оғриқларни дарров диск чурраси билан боғлаш керак эмас. МРТ да аниқланган кичик ҳажмдаги диск чурралари ҳам хавфли эмас. Бемор сузишга қатнаса, умуртқани чиниқтирувчи махсус машқларни бажарса, текис ва равон жойда ётса, турникда тортилиб турса, бу ҳолатлар тез ўтиб кетади. Оғриқ кучсиз бўлса радикулит, кучли бўлса – диск чурраси, деб ҳисоблаш ҳам нотўғри. Чунки белни букчайтириб қўювчи кучли оғриқлар радикулит ва остеохондрозда ҳам учрайди.

Остеохондрозда тавсия этиладиган комплекс машқлар

Ташхис қандай қўйилади?

Остеохондроз ташхиси рентген орқали бемалол қўйилади. Агар диск чуррасига гумон қилинсагина, КТ ёки МРТ текшируви ўтказилади. Негадир рентген текширувига келувчилар сони камайиб, КТ ва МРТ текширувига келувчилар сони ортиб бормоқда. Аслида акси бўлиши керак. Чунки диск чурраси умуртқа остеохондрозига қараганда жуда кам учрайди. Ваҳоланки, остеохондроз КТ ва МРТ га қараганда, рентгенда жуда яхши аниқланади. Буни ҳамма врачлар билишади. Шундай экан беморларимиз врачлар кўрсатмасига қулоқ тутиши, келди-келмади қиммат текширувларга ружу қўяверишлари яхши эмас. Диагностика марказлари ҳам врачлар тавсияси бўлмаса, беморларни турли текширувларга олмасликлари керак! Мен “Бош мия касаллиги бор” деб гумон қилинган 300 та МРТ хулосасини таҳлил қилиб чиқдим. Афсуки, 63 та МРТ текшируви ҳақиқатга тўғри келди, холос. Қолган 237 та ҳолатда МРТ хулосалари норма бўлиб чиқди. Шунча сарсонгарчилик, шунча беҳуда сарфланган пул!

Даволаш қандай олиб борилади?

Шуни унутмангки, остеохондрозни дори-дармонлар билан эмас, балки турли хил машқлар, физиотерапевтик муолажалар ва дам олиш сиҳатгоҳларида ўтказиладиган оддий даволаш тадбирлари билан бемалол даволаш мумкин.

Дори-дармонлар фақат оғриқни қолдириш учун қилинади.