Futbol tarixidagi eng daxshatli hodisa

1989 йил 15 апрелда инглиз футболи тарихидаги энг даҳшатли фожеа юз берди. «Хиллсборо» майдонидаги Aнглия кубоги ярим финалида «Нотингем Форест» клубига қарши ўйинда «Ливерпуль» нинг 96 мухлиси тиқилинчда ҳалок бўлди, яна 766 нафари жароҳат олди.

Тиқилинчда «Ливерпуль» нинг бўлажак сардори Стивен Жеррарднинг амакиваччаси ҳам ўлган, 10 ёшли Жон-Пол Жилхули фожеанинг энг ёш қурбонига айланди. «Ливерпуль» футболчиси Кевин Бароннинг акаси, 67 ёшли Жерард Барон энг кекса қурбон бўлган.

Aгар тез ёрдам машиналари стадионга киритилганда эди, қурбонлар ва жароҳатлар сони сезиларли даражада камроқ бўлиши мумкин эди, аммо полиция уларга майдонга киришига рухсат бермаган. Натижада стадионда фақат битта тиббий жамоа қолган ва бошқа жароҳатланганларга «Ливерпуль» нинг қолган мухлислари ёрдам беришган.

Фожеадан кейинги дастлабки 10 йил ичида тиқилинчдан омон қолганларнинг учтаси ўз жонига қасд қилди, яна бири 8 йилни руҳий касалхонада ўтказди. Стивен Уиттл исмли инсон эса ўйин учун чипта сотиб олган, аммо бандлиги сабаб, ўйинга бора олмаган ва чиптани тиқилинчда вафот этган дўстига сотган. Стивен ўзи омон қолиб, дўсти ҳалок бўлгани учун ўзини айбдор ҳис қилган ва бу унинг 2011 йил феврал ойида ўзини поезд остига ташлашига сабаб бўлгани айтилган.