Xarland Devid Sanders yoxud KFC asoschisi / Харланд Девид Сандерс

Харланд Девид Сандерс отасидан айрилганда 6 ёшда ҳам бўлмаган. Онаси ўзини ва ўғлини боқиш учун кечаю кундуз ишлаши керак эди ва Сандерсга барча уй ишларини, шунингдек, овқат пиширишни ҳам ишониб топширган. Еттинчи синфда Сандерс кўп дарс қолдиргани учун мактабдан ҳайдалади. У кўпинча ўқишдан кўра пул ишлашни афзал кўрган. У машиналарни ювган, юк ташиган ва ҳатто маҳаллий бозорда ўзи пиширган пирогларни сотган.

1906 йилда Сандерс AҚШ Миллий армияси сафига қўшилишга қарор қилади. Уни хизматнинг охиригача отхонада ишлашга тайинлашади.
Ҳарбий хизматдан сўнг у уйига қайтади. Кейин AҚШ шаҳарлари ва штатларини кезиб юриб, кўплаб касбларни синаб кўради. У темирчининг ёрдамчиси бўлиб ишлаган, темир йўл станциясида поездларни ювган, трамвай кондуктори, мебел фабрикасида юк ташувчи, автоуловларни таъмирлаш устахонасида қулфчи, паром капитани, шиналар хизмати директори бўлган ва ҳатто юридик курсда амалиёт ҳам ўтаган. У қўлидан келган ҳамма иш билан шуғулланиб кўрган. Aммо ҳар доим ҳам омади келавермаган.

40 ёшга кирганида Сандерс автомобилларни таъмирлаш устахонасини очишга қарор қилади. Aвтомагистралда яхши жойни танлагани учун бизнеси юришиб кетади ва кўпроқ мижозларни жалб қилиш учун устахонаси ичида 6 кишилик тамаддихона ҳам очади. Тез орада Сандерснинг устахонаси бутун Кентукки штатида қовурилган товуқ гўшти билан машҳур бўлиб кетади. Сандерс 11 та зиравор қўшилган товуқни пиширишнинг ўзига хос рецептини ишлаб чиқади. 1952 йилда ҳукумат янги автомагистрал очади ва шу сабаб Сандерснинг устахонаси зарар кўришни бошлайди. 62 ёшли Сандерс устахонасини сотиб, қарзларини тўлайди ва ҳамма нарсасидан, ҳатто уйидан ҳам айрилади. Унинг фақат 105 долларлик нафақа пули қолади.

Aммо Сандерс таслим бўлмайди. У қовурилган товуқ рецептини ресторан эгаларига сотиш ниятида, бутун мамлакатни айланиб чиқади. Лекин улар Сандерсни «ақлдан озган қария» деб устидан кулишади. Сандерс ресторатор Пит Германни учратмагунча, 1006 ресторанни айланиб чиқади ва 1006 марта рад жавобини олади. Германга Сандерснинг ғоялари жуда ёқади ва унга «Kentucky Fried Chicken» ресторанини очишни таклиф қилади. Бу машҳур KFC тармоғининг бошланиши бўлади.

2019 йил ҳолатига кўра KFC бренди остида 820 минг ходим ишлайди. Ресторанларнинг сони: дунёнинг 134 мамлакатида 15 мингдан ортиқдир.