Onaxonning armoni (hikoya)

ОНАХОННИНГ АРМОНИ…

У бир неча кундирки кечаси билан босинқираб чиқади. Сабаби, тушига яқиндагина вафот этган онаси кириб, негадир ўғлига нуқул иккала қўлининг билак қисмини кўрсатади…

У юзини ювгач ойнага қаради: ухламаганидан иккала кўзи ҳам шишиб, қизариб кетибди. Аёли тайёрлаб қўйган нонуштани қилдида, ишига кетди. Ишхонасида ҳам ҳаёлидан кўрган туши кетмасди. Ўзича ҳар хил табирлар қилар, аммо кўнгли тўлмай дарҳол уларни йўққа чиқарарди. Кечга яқин ҳаёлига келган фикрдан ўзи чўчиб кетди. “Йўқ, бўлиши мумкин эмас! Буни ҳеч ким билмайди!” У бу фикрни миясидан чиқариб ташлашга ҳарчанд уринмасин, фикр унинг миясига, онгига тобора чуқурроқ кириб борарди. Уйига келганда миясидаги фикрдан батамом чарчаб бўлганди…

У истамайгина кечки таомни еди ва иш кабинетига кириб кетди. Ўйламаса ҳам ўйлайверарди… “Ахир бундай бўлиши мумкин эмас! Буни ҳеч ким билмайди! Ҳатто хотинимга ҳам айтмаганман. Наҳотки онамнинг руҳлари қилган ишимдан хабардор бўлиб, мени азоблаяпти? Энди нима қилсам экан?!” У ўзига шу каби саволларни кетма-кет берар, аммо жавоб топа олмай руҳан эзиларди…

У беихтиёр бундан 20 йил аввал рўй берган кўнгилсиз воқеани эслади. Ўша пайтларда у тадбиркорлик билан шуғулланар, ошиғи олчи эди. Топаётган даромадидан қониқмасдан икки уч марта қинғир ишларга ҳам қўл урди. Орадан икки йил вақт ўтиб режали солиқ текшируви бўлганда, унинг ҳамма сирлари ошкор бўлди ва давлатга солиқ тўлашда даромадларни яширганлиги ҳамда бунинг оқибатида катта миқдорда зарар етказган деган хулоса билан жиноят иши қўзғатилди. Бошига шундай мушкул иш тушганда ҳам уйдагиларга “чурқ” этмади – на ота-онаси, на хотини ва бола-чақаси билди. Қамалиши аниқ бўлганда ўртага таниш-билишларни аралаштирди. Терговчининг гапларидан анча-мунча йиғиб қўйган долларларидан айрилиши маълум бўлди. Лекин ишни ёпишга булар камлик қилиб, озгина етмасди. Шунда у хотини, онаси ва қизларининг тилла тақинчоқларини сотишни мўлжаллади, лекин буни уларга қандай айтади? Ахир кейинчалик буларни жойига қайтариб қўйиш керакку? У махфий режа тузди. Кўп ўтмай оила аъзоларини музқаймоқ ейишга таклиф қилди. Уйдагиларни кафега киргазиб юбориб, «ҳозир келаман» дея, мошинасидан ҳам тушмасдан уйига шошилди…

У ўзи яшайдиган квартирасига кириб, ҳеч ким топа олмайдиган, фақатгина эр-хотин биладиган сирли туйнуклардаги катта миқдордаги долларларни, хотини ва қизларининг барча бриллиант ва тилла тақинчоқларини шоша-пиша сумкасига жойладида, кейин ота-онасининг хонасига кириб, онасини ҳам “ўмарди”. Айниқса, катта бувисидан қолган ва сулоладан сулолага ўтиб келаётган ёдгорлик рамзи бўлган бир жуфт олтин билакузукни ҳам олишни унутмади. Сўнг, нарсаларни ағдар-тўнтар қилган бўлиб, полларга автобус бекатида териб олган сигарет қолдиқларини сочиб чиқди. Эшигини қулфлаб бўлгач, кўча томондан калит тирқишига гугурт чўпларини тиқишни ҳам унутмади. Хуллас “уйини ўғри ургандек” ҳолга келтириб, тезда кафега қайтди…
Кафедан чиқишгач, атайлаб шаҳар айлантирди, боғларга олиб борди, хуллас кунни кеч қилди. Уйга қайтишганда ҳам ўзини билмагандек тутди ва квартирага кира олмагач, ваҳима билан милицияни чақиришди…

Хуллас у солиқ билан боғлиқ ўзининг барча “муаммолари”ни ҳал қилди. У бироз ўтиб яна ўзини тиклаб олди. Қанчадан-қанча катта пуллар топди, участка қурди, қизларини узатди, ўғилларини уйлантирди, аммо онаизорига билакузук олиб беришни ўйламади. Она неча марталаб илтимос қилди: “Ўғлим, билакузук олиб берсанг, мендан кейин қизларинг тақади, ўзингга қолади. Илтимос, болам”, — десаям, онанинг гапларига парво қилмади…

«Охират уйғоқ жон, дунё ухлоқ жон» деган гап тўғри экан. Мана энди онаси деярли ҳар куни тушига кираяпти. Нуқул иккала қўлининг билак қисмини кўрсатади. Онанинг руҳи ўғлининг барча қилмишидан хабардор. Лекин нобакор ўғил бепарво. Онахон билакузук тақиш армонида бу оламдан ўтиб кетди…

БЕҲЗОД ҲОЖИМАТОВ.